ЯНА ЎША 10 МИЛЛИАРД ДОЛЛАР ҲАҚИДА...?




 

 Куни кеча Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Kun.uz мухбирига берган интервьюсида ишлаб чиқаришни ривожлантириш зарурияти ҳақида гапира туриб, аҳолининг қўлида образли қилиб айтганда, 10 миллиард долларга яқин “ёстиқ тагида ётган маблағлар” борлиги ва уни иқтисодиётга жалб қила олсак, бизга хорижий инвестициялар бугунгичалик долзарб бўлмаслиги ҳақида фикр билдирди (https://www.facebook.com/kunuznews/posts/4336328539732206).

Мазкур интервью эълон қилиниши билан ижтимоий тармоқларда мунозаралар бошланди. Бундан ташқари, 28 февраль куни  иқтисод фанлари номзоди, доцент Замир Холмахмедов сенатор Содиқ Сафоевнинг интервьюси бўйича турли-туман фикрлар билдирилаётганлиги ҳақида Биз қачон ўз фойда-зарарини биладиган халқ бўламиз?...” номли мақола билан чиқди. Шу боис мазкур мақолада билдирилган фикр ва мулоҳазаларни такрорламасдан,  Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг аҳоли қўлидаги ортиқча маблағни иқтисодиётга жалб қилиш зарурлиги ҳақидаги аслида ўринли таклифини тушуниб-тушунмасдан мулоҳазалар билдираётган айрим блогерларимиз фикрларига муносабатимни билдирмоқчиман.

Бир қатор блогерларимиз “хорижий валютанинг катта қисми раҳбар шахслар қўлида тўпланган”, деган фикрларни билдиришмоқда. Шундай бўлиши ҳам мумкин. Лекин бу фикрни исботлашнинг иложи йўқ. Чунки бойлар бу ҳақида бировга ахборот бермайди. Бу ҳақида ҳеч қандай ҳисоб-китоблар қилмасдан, фақатгина хаёлига келган бундай хулосани оммага эълон қилиш эса тўғри эмас. Қолаверса, динимизда “гумон – имондан айирар”,  деган ақида ҳам борлигини ёдимизда тутганимиз маъқул. Бир пайтнинг ўзида “машина оламан”, “тўй қиламан”,  деб пул йиғаётган оддий  одамларимиз ҳам борлигини унутмайлик. Улар ҳам бу пулларини асосан уйларида сақлашади.

“Аҳоли қўлида 10 миллиард доллар бор”, дейилганда ҳамма, яъни бойлар ҳам, ўртаҳол ва ҳатто камбағаллар ҳам биргаликда шунча маблағга эга эканлиги назарда тутилади. Бу рақам қаердан келиб чиққан, деган савол туғилиши ҳам табиий. Аввало шуни тан олиш керакки, бизнинг миллатимизда кўпчилик қўлида қанча пули борлигини бировга айтишни ёқтирмайди. Демак, бундай шароитда эксперт усулида баҳолаш ёки аноним равишда сўровнома ўтказиш усули ёрдамида аҳоли қўлида қанча ортиқча доллар борлигини тахминан аниқлаш мумкин.

Хорижда нуфузли компаниялар, ҳатто Европа тараққиёт ва реконструкция банкида катта лавозимларда ишлаб келган ва айни пайтда юртимизда Капитал бозорини ривожлантириш Агентлиги раҳбари вазифасида ишлаётган Отабек Назиров 2019 йил апрель ойида ўз тадқиқотлари натижасида ойида айнан шунча миқдордаги долларни аҳоли уйида сақлаётганлиги ҳақидаги хулосасини айтди. 2019 йилнинг май ойида эса Марказий банк аҳоли ўртасида аноним сўровнома ўтказди ва уйда сақланаётган долларнинг миқдорини 10,2 миллиард доллар миқдорида эканлигини эълон қилди. Экспертлар аҳоли уйида сақлаётган долларнинг миқдори айни пайтда ҳам тахминан 10 миллиард долларга яқин эканлигини айтишмоқда.

Айримлар “Ўзбекистонда банкларга ишонч йўқ”, деган мулоҳазаларни билдиришибди. Бу гапда жон бор. Мен “молия ва кредит” соҳасида мутахассисман. Қолаверса, 10 йил тижорат банки  кенгашининг раиси вазифасида ишлаганман. Ҳозир ҳам тижорат банки кенгаши раисининг ўринбосариман. Муҳтарам блогерларимиз тўғри тушунишларини хоҳлардим, бу лавозимлар менинг иш жойим эмас. Банк акциядорлари умумий йиғилишларида мени 20 йилдан бери мутахассис сифатида шу лавозимларга сайлаб келишяпти. Асосий фаолиятим эса – олимлик. Демак, банклар фаолиятини ҳам назариётчи, ҳам амалиётчи сифатида баҳолай оламан. Тан олиш лозимки, 2016 йилга қадар аҳолида тижорат банкларига ишонмайдиган ҳолатлар кўп бўларди. Одамлар ўз пулларини қўллари билан омонатга қўйиб, банкдан қайтиб олишда қийинчиликларга дучор бўлишлари оддий ҳол эди.

Лекин 2016 йилдан бошланган янги иқтисодий сиёсатда мамлакатимиз банк тизими аҳоли ишончини қозониш йўлида жуда катта тадбирларни амалга ошираётганлигини ҳам тан олишимиз керак. Бахтга қарши, тижорат банклари барча жабҳаларда жаҳон стандартлари даражасида ишлай олишяпгани йўқ. Уларнинг бу борада қиладиган ишлари ҳали кўп. Аҳоли 10 миллиард доллар маблағни банкларга топширмасдан, уйида сақлаётганлиги ҳам бу гапимнинг исботидир.

Амалдорларни танқид қилиб фикр билдираётган блогерларимиз ҳам бор. Тўғрисини айтганда, мен ҳам бу танқидларга қисман қўшиламан. Масалан, Ўзбекистон капитал бозори капиталлашуви мамлакат ЯИМга нисбатан бор-йўғи 1 фоизни ташкил этади. Ривожланаётган давлатларда бу кўрсаткич 30–60 фоиз атрофида, ривожланган давлатларда эса 100 фоиз ва ундан ҳам ортиқ бўлиши бу соҳа мутахасссислари учун маълум. Демак, шу оддий рақамлардан ҳам мазкур соҳанинг раҳбарлари аҳолининг ишончини қозониш учун ҳали жуда қаттиқ хатти-ҳаракатлар қилишлари керак эканлиги кўриниб турибди.

Аҳоли қўлидаги 10 миллиард долларни оборотга киритиш ва ундан самарали фойдаланиш умумдавлат ва умумхалқ аҳамиятига эга улкан масала ҳисобланади. Негаки, бу ишни амалга ошириш масалага дахлдор давлат идоралари ва шу пул эгаларининг биргаликда амалга оширадиган иши ҳисобланади. Чунки банклар ҳамма шароитни яратсаю, лекин халқни ўзига ишонтира олмаса, бу муаммо ҳал бўлмайди. Ҳаммамиз ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиб, ўша 10 миллиардни иқтисодиётга кирита олсак, бу билан мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш учун асос бўла оладиган молиявий манба топган бўламиз!

Одил Олимжонов

Иқтисод фанлари доктори, профессор

 

 

Манба: https://telegra.ph/YANA-%D0%8ESHA-10-MILLIARD-DOLLAR-%D2%B2A%D2%9AIDA-03-01

 

https://uza.uz/uz

 

1034