Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида Қора денгиз иқтисодий форуми бошқаруви вакили (Украина) билан учрашув бўлиб ўтди.




Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтган йили Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилиб, жорий йилнинг 15-16 июль кунлари пойтахтимизда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган эди.

Бугун ана шу конференция доирасида Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори У.Абидхаджаев Болтиқ-Қора денгиз иқтисодий форуми бошқаруви раисининг ўринбосари, Украинанинг собиқ иқтисодиёт вазири Владимир Макуха билан  учрашди.

Учрашувда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори У.Абидхаджаев меҳмонларга  юртимизда амалга оширилаётган  ислоҳотлар, шу жумладан аҳолини бандлигини таъминлаш, таълим ва меҳнат бозори синхронизацияси, “яшил энергетика” борасидаги прогресс ҳамда институтда олиб борилаётган  истиқболдаги режалар  ҳақида сўзлаб берди. 

Шу ўринда қайд этиш керакки, сўнгги тўрт йил ичида юртимизда  ўрта ва олий таълим соҳалари, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича тизимли, изчил ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан бу йиллар ичида  мамлакатимизда 47 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий ўқув юртларининг умумий сони 125 тага етди.

Болтиқ-Қора денгиз иқтисодий форуми бошқаруви раисининг ўринбосари Владимир Макуха Ўзбекистонда юз берган сўнгги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жуда муҳим ва ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, Польша, Украина ва Литва ўртасида “уч бурчак” шаклида йўлга қўйилган транспорт ва савдо йўлакчаси ҳақида сўзлаб, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида ана шундай “иқтисодий уч бурчак” ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали янги иқтисодий салоҳиятга эришиш имконияти янада ортиши ҳақида таклиф билдирди.

          

«Биз Ўзбекистон билан мавжуд муносабатларни қадрлаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги  савдо, саноат ва логистика йўналишидаги ҳамкорликни ўсишидан хурсанд бўламиз. Биз, иқтисодчилар, савдо ҳар доим фойдали эканини биламиз», – дейди Владимир Макуха.

Музокараларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар,  Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги давлатларнинг бир-бирига ўзаро боғлиқ жиҳатлари, қўшничилик муносабатлари,  кадрлар малакасини ошириш ва илмий йўналишда эришилаётган ютуқлар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида келишиб олди.

969