Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти жамоасида катта йўқотиш содир бўлди. 2008 йилдан бери институт Молия ва бухгалтерия бўлими бошлиғи - бош ҳисобчиси лавозимида ишлаб келаётган Рустамов Абдурауф Абдуалимович бевақт вафот этди.
Абдурауф Рустамов 1970 йил 3 июнда Самарқанд вилояти Булунғур туманида дунёга келди. Тошкент давлат аграр университетини “бухгалтерлик ҳисоби, назорат ва хўжалик фаолияти таҳлили” мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини Жиззах вилояти Арнасой тумани 23-сонли жамоа хўжалигида оддий ишчиликдан бошлаб, кейинчалик шу хўжаликнинг ҳисоб юритувчиси, иқтисодчиси, шу тумандаги “Юксал” чорвачилик фермер хўжалиги бош ҳисобчиси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги «Совуқ» илмий-муҳандислик маркази иқтисод ва тижорат масаласи бўйича директор муовини, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Тошкент шаҳри бошқармасида бўлим бошлиғи, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги Республика «Асал» уюшмаси бош ҳисобчиси лавозимларида самарали фаолият кўрсатди.
1999 йилдан Абдурауф Абдуалимович ҳаётида янги босқич бошланди. Яъни шу йилдан бошлаб у кишининг меҳнат фаолияти илмий-тадқиқот муассасалари билан чамбарчас боғланди. Дастлаб Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги Ўрта Осиё ўсимликшунослик илмий - тадқиқот институти, Ўзбекистон Файласуфлари миллий жамияти, Республика бирламчи уруғчилиги ва уруғшунослик станцияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси каби нуфузли ташкилотларда бош ҳисобчи лавозимларида меҳнат қилди.
Илмий ташкилотлар молия ва бухгалтериясини бошқариш соҳасида катта амалий тажриба тўплаган Абдурауф Абдуалимовични 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Молия ва бухгалтерия ҳисоби бўлими бошлиғи лавозимига таклиф этишди.
Абдурауф Абдуалимовичнинг янги лавозимда иш бошлаши илмий-тадқиқот институтлари молия ва бухгалтерия тизимларини халқаро стандартларга ўтказиш даврига тўғри келди. Бош бухгалтер сифатида у киши институт молия ва бухгалтерия соҳасини замонавий талабларга мос келадиган янги тизимини ярата олди.
Абдурауф Абдуалимович юқори салоҳияти, ишчанлиги, покизалиги, фидокорона хизматлари билан наинки институт, балки бутун мамлакат илмий-тадқиқот институтлари молия ва бухгалтерия жамоалари орасида катта обрў ва эътиборга сазовор шахс эди.
Абдурауф Абдуалимович ажойиб ота ва оила бошлиғи, турмуш ўртоғи Моҳира Рустамова билан тўрт ўғилни дунёга келтириб, уларни ўқимишли ва элу-юртнинг хизматига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашмоқда эди. Ғанишер ўғилларининг 2014 йили бевақт вафот этиши ҳам бу оиланинг руҳини синдира олмади.