Тил миллат кўзгуси




Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида "Тил миллат кўзгуси" мавзусида «ZООМ» платформаси орқали онлайн-семинар  бўлиб ўтди.

Унда Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Феруза Муҳитдинова иштирок этди.

1989 йил 21 октябрь санаси— «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кун.  Дунёдаги етти мингдан ортиқ тилдан фақат 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга эканига эътибор қаратсак, ўзбек тилига давлат тили мақомини ҳуқуқий жиҳатдан муҳрлаб берган мазкур қонуннинг халқимиз ҳаётидаги ўрни беқиёсдир.

Ўзбек тили асрлар синовидан ўтган, қиёмига етган ва бошқаларга ибрат бўла оладиган тил саналади,  – дейди Феруза Муҳитдинова.  – Шу ўринда ХХ аср бошида олти тилда -ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк, ва рус тилларида луғат тузган Исҳоқҳон Ибратнинг «Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар», деган сўзларини эслашнинг ўзи кифоя. Ўзбек тили дунёдаги энг бой ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган буюк тиллардан ҳисобланади.

Тил — миллатнинг кўзгуси, унда тарих - ўтмиш ва келажак жонланади. Она тилимизнинг ички имкониятлари чексиз. Она тилимизнинг табиийлигини асраш, оғзаки ва ёзма нутқда тил меъёрларига риоя қилиш барчамизнинг  шарафли бурчимиздир.

Семинарда ҳазрат Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида тилга қаратилган алоҳида эътибор,  Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Она тилимга”, “Минораи калон тепасидаги лайлак”, “Ўзбекистон”  каби шеърларида она тилнинг тақдири, унинг мавқеини кўтармоқ, миллатнинг шаънини юксалтирмоқ борасидаги жонкуярлиги  алоҳида қайд этилди.

1389