Адабиёт ва ҳуқуқ уйғунми?




Маълумотларга кўра ҳозирда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион нафарга етган. Бу эса тилимизни дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради. Зеро, «Давлат тили ҳақида»ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.

Аммо, ҳар сўзнинг бирида талаффузни бузиб гапирадиган, ёзганда имло хатоларига эътибор қилмайдиганлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Баъзида рус ёки бошқа тиллардан таржима қилинаётган сўзларнинг мазмунига кўп ҳам эътибор берилмай, кўр-кўрона ўгирилганини кузатамиз. Мисол учун, “мы открылись” сўзини тўғридан-тўғри “биз очилдик” деб қўллаш ҳозир оммалашди.

Бу борада батафсил маълумотлар “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” ҳамда “Ҳуқуқий онг юксалса, жамият тараққиётига йўл очилади” мавзуларида ўтказилган онлайн давра суҳбатида келтирилди.

Қайд этиш керакки, ўтган асрларда ҳам бир неча тилни билиш тавсия этилган. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий тилшунос сифатида “Икки эмас, тўрт тил лозим”, дея таъкидлайди. Бизнинг қозиларимиз суд ишини бир тилда олиб боради, ҳолбуки Туркистонда  турли миллат вакиллари яшайди, дея 19 асрдаёқ кўп тилни билиш ҳар бир туркистонлик учун шартлиги ва шу орқали дунёга чиқиш мумкинлигини уқтиришга ҳаракат қилган.

–Аслида адабиёт ва ҳуқуқ уйғундир, -дейди юридик фанлари доктори, профессори Феруза Муҳитдинова. – Мисол учун, А.Ориповнинг хато қилишингни кутарлар сатрлари бунга мисол бўлади. Ҳақиқатда ҳам бир хато қилсак, жазо оламиз. Ҳеч бўлмаса, ана шу хато эвазига жамиятда, одамлар орасида обрўйимиз тушади. Аслида ҳам жамиятнинг ҳар қандай муаммолари адабиёт орқали олиб чиқилса, ҳуқуқшунослар жамият учун қайси қонунлар кераклигини ҳисобга олиб, уларни ишлаб чиқади.

Онлайн семинарда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 13 мартида қабул қилинган “Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хусусида ҳам сўз юритилди.

1177