Транспорт хизматларининг ярим йиллик экспорти шарҳи
Транспорт хизматлари экспорти – резидентлар томонидан, норезидентларга шартнома бўйича кўрсатилган юк ва йўловчи ташиш хизматлари, бажарилган ишларнинг қиймат кўрсаткичидир. Ўзбекистонда транспорт хизматлари экспортининг олтита асосий тури мавжуд: темир йўл, автомобил, ҳаво, қувур транспорти, шунингдек почта ва куръерлик хизматлари, бошқа тегишли ва ёрдамчи транспорт хизматлари[1].
2021 йилнинг 1-ярмида кўрсатилган хизматлар экспортининг умумий ҳажмида транспорт хизматлари экспорти 71,3% улуш билан 808 008,7 минг AҚШ долларини ташкил этиб, етакчи ўринни эгаллади.
Ушбу даврда транспорт хизматлари экспорти ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробар (142 684,3 минг AҚШ долларига) ошди. Қувурлар орқали ташиш хизмати - 57 587,4 минг AҚШ долларига, ҳаво транспорти - 76 155,7 минг AҚШ долларига ва темир йўл транспорти - 9157,5 минг AҚШ долларига ошган ҳисобига, умумий транспорт хизматлари экспорти аввалги даврга нисбатан ўсган.
Транспорт хизматлари экспортининг умумий таркибида қувурлар орқали ташишга энг катта улуш (30,4%) тўғри келади, кейинги ўринларни эса темир йўл (24%) ва ҳаво транспорти (14,1%) эгаллаган.
Транспорт хизматлари экспортининг ўсиши асосан темир йўл транспортида юк ташиш хизматлари ва ҳаво йўл транспортида йўловчи ташиш ҳисобига эришилган.
Шундай қилиб, 2021 йилнинг 1-ярмида темир йўл юклари экспорти ҳажми 2020 йилга нисбатан 9209,8 минг AҚШ долларига (103,5%) ошди ва 268 793,5 минг AҚШ долларини ташкил этди. Бу ўсиш COVID-19 тарқалиши темир йўл орқали юк ташиш фаолиятига унчалик таъсир қилмагани билан боғлиқ, чунки ташқи савдо ташиш жараёнларининг секинлашишига йўл қўймаслик учун халқаро автомобил ташиш ҳажмининг бир қисми темир йўллари транспортига йўналтириш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилди[2].
Ҳаво транспортида баъзи халқаро рейсларнинг тикланиши ҳисобига йўловчилар ташиш ҳажми 12 002 минг AҚШ долларига (2,1 баробар) ошди ва 22 575,5 минг AҚШ долларини ташкил этди.
Транспорт хизматлари экспортида транзит муҳим ўрин тутади, у мамлакатга катта валюта тушумини таъминлайди ва ташқи интеграцион алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Темир йўл транспортида юк ташиш экспорти ҳажмининг ошишига пандемия даврида юк эгаларининг темир йўл транспортида давлатлараро юк ташиш коридорларнинг барча йўналишлари бўйича (экспорти ва транзит) хизматига бўлган юқори талаб сабаб бўлди ва бу транспорт хизматларининг асосий даромадини ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 -ярим йиллиги учун транзит ташиш ҳажми 4 224,5 минг тоннани(100,4%) ташкил этди, бу 2020 йилнинг 1 -ярмидан 20,2 минг тоннага кўпдир.
"Ўзбекистон темир йўллари" AЖнинг 2021 йил 1-ярим йиллик маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси орқали транзит ташиш Тожикистон (2020 йилнинг 1 - ярмига 92,8%), Aфғонистон (61,3%), Қозоғистон (299, 3%) ва Қирғизистон (91,2%) мамлакатларига тўғри келади ва юкларнинг асосий номенклатурасини: нефт маҳсулотлари, дон, ун маҳсулотлари, кокс ва руда, қора металлар ва бошқалар ташкил қилади.
Д. Ибрагимова
А.Aбдумўминов
Логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш лойиҳаси ҳодимлари
[1] Методика формирования показателей экспорта Российской Федерации транспортных услуг/ http://www.cbr.ru/content/document/file/115989/meth_tr.pdf
[2] Ибрагимова Д.Т. Оценка влияния пандемии коронавируса на транспортную отрасль Узбекистана и меры по смягчению негативных последствий. // https://mineconomy.uz/ru/info/3146