“Ижтимоий лойиҳа”да мактабгача таълим




20 - май куни эфирга узатилган “Ёшлар” радиосининг мазкур эшиттиришида институтимизнинг Инсон капиталини ривожлантириш ва ижтимоий табақалашув масалалари бўйича лойиҳасининг катта илмий ходими Дилфўза Ваҳобова иштирок этди.

Унда  2016-2021 йилларда мактабгача таълим соҳасида юз берган муҳим ўзгаришлар, кутилаётган янги ютуқлар ва янгиликлар  билан боғлиқ бир қанча саволларга батафсил жавоблар берилди.

Ўзбекистонда болалар сони йил сайин ўсиб бормоқда. Бу эса мактабгача таълим муассасаларига бўлган талабни оширади. Келинг, аввало бу борада қилинаётган ишларга тўхталиб ўтсак.

Албатта,  ота-оналар боласини боғчага беришга интилиши бежизга эмас. Зеро, мактабгача таълим ҳар бир шахснинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Зеро, боғчада пухта тайёрланиб мактабга чиққан болажонларнинг ютуқларга эришиш имконияти кенгаяди. Илмий тадқиқотларнинг натижаларига кўра, жамиятда инсон капитали ривожлангани сари жиноий ҳатти-ҳаракатлар  камайиш тенденцияси мавжуд.

Шу боис ҳам юртимизда мактабгача таълимни янада ривожлантириш учун кенг миқёсли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши бу борадаги муҳим қадамлардан бўлди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”нинг қабул қилиниши, янги уй-жой қурилишида кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида боғчалар ташкил этилиши, кичик ёшдаги болаларни таълим тизимига ажратилаётган бюджет харажатларининг 2017 йилдан 2020 йилгача 11,25% дан 16,34% га ошиши ана шундай эътибор самараси.

Мактабгача ёшдаги (3-6 ёшли) болаларнинг боғчаларга қамраб олиш даражасида охирги йилларда қандай ўзгарди?

Албатта, ижобий тарафга ўзгарди ва ўзгаришда давом этмоқда. Ютуқлар қиёсларда янада аниқ, равшан кўринади. Рақамлар мисолида айтадиган бўлсак, 2016 йилда юртимиздаги 3-6 ёшдаги болаларнинг қарийб 24% мактабгача таълим муассаларига жалб қилинган эди. 2020 йилнинг охирига келиб, ушбу кўрсаткич 60 % дан ошди. Шунга мос равишда юртимизда мактабгача таълим муассасаларининг сони ҳам ортиб бормоқда. Ҳозирда уларнинг умумий сони 18 минг 254 та бўлиб, уларда тарбиялаётган болалар сони эса 1 млн. 700 минг нафарга етди.

Кўрсаткичларни бир неча баробар ўсиши нималар ҳисобидан юз берди, бунга қандай омиллар таъсир қилди?

Энг асосий омил – соҳага хусусий секторни жалб қилишни рағбатлантириш билан боғлиқ. Оилавий боғчалар, давлат-шерикчилиги асосидаги боғчалар, хусусий боғчаларни очиш учун қулай шароитлар яратилиб, имтиёзлар берилиши, мактабгача таълимнинг альтернатив шаклларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар шулар жумласидандир. Масалан, мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш муассасаларини қурмоқчи бўлган жисмоний ёки юридик шахсларга ер майдони 30 йил муддатга ноль қийматда бериш амалиёти маҳаллий инвесторларни соҳага жалб қилинишини оширди. Шунингдек, қонун доирасида хусусий боғчанинг фаолияти учун зарур жиҳозлар, асбоб-ускуналарни юртимизга олиб киришда божхона имтиёзлари ҳам белгиланган.

Давлатга тегишли бўлган боғчалардан ташқари, хусусий боғчаларнинг болаларни тарбиялашдаги улушлари қандай?

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда ҳусусий мактабгача таълим муассасаларида тарбиялаётган болалар, боғчага қатнаётган умумий болаларнинг 8%ини ташкил этади. Оилавий боғчаларда эса 7%ини қамраб олинган. Бу кўрсаткичларни аввалгилари билан таққослайдиган бўлса, ижобий ўзгаришларни кўриш мумкин. Яна бир эътиборга лойиқ жиҳати, оилавий боғчаларда тарбияланаётган болаларнинг 34%ини кам таъминланган оиларнинг фарзандларини ташкил этади.

Оилавий боғчаларнинг қатор афзалликлари борлигини эшитдик, айнан шу учун ҳам у кўпчиликка маъқул келаётгандир.

Бундай тузилма кўмагида энг аввало чекка ҳудудлардаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш имконияти кенгаймоқда. Негаки, аҳоли зич жойлашмаган чекка ҳудудларда кўп ўринли катта боғчаларни қуриш иқтисодий жиҳатдан фойда келтирмайди. Шунингдек, болаларни узоқ масофадаги боғчаларга олиб бориш ота-оналар учун ҳам бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқаради. Вақт ва маблағ масаласида муаммолар бўлиши мумкин. Айтайлик, бир болани узоқ масофадаги боғчага олиб бориш ва олиб келиш учун оиланинг бир аъзоси алоҳида вақт ажратиши зарур бўлади.

Оилавий боғчалар ўзининг ихчамлиги ва қулайлиги билан эътиборга тушмоқда. Бундан ташқари бундай турдаги боғчаларнинг яна бир афзал томони бола ўз уйидагидек эркин муҳитда бўлиши. Негаки, болалар сони нисбатан кам бўлиб, уларнинг ҳар бири тарбиячининг эътиборида бўлади. Шунингдек, чекка ҳудудларда хотин-қизлар учун янги иш ўрни яратишда ҳам оилавий боғчаларни алоҳида ўрни бор.

Жорий йилда соҳадаги ана шундай ижобий ўзгаришларни давом эттириш учун қандай режалар бор?

Албатта,  бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йилда аввалги хусусий боғчалар қаторига яна 2 мингта нодавлат таълим мауассасаларини қўшилиши кутилмоқда. Бунинг учун бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобига  ҳусусий сектор улуши 25%га етказилади. Шунингдек, бевосита давлат бюджетидан мактабгача таълим муассасаларини ривожлантиришга инвестицион лойиҳалар ва уларни барқарор фаолият юритиши таъминлаш учун 900 млрд. сўм ажратилади.

Мактабгача таълим муассасаларини янада ривожлантириш, болаларни кўпроқ қамраб олиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жорий йилдан узоқ қишлоқлардаги имконияти чекланган болаларни боғчаларга жалб этиш мўлжалланмоқда. ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорлик олиб борилаётган бу амалиёт албатта яхши самара беришига ишонч бор.

Демак, келгусида боғчага бормаган болалар қолмас эканда, уларнинг ҳаммаси мактабга чиққунга қадар мактабгача таълим муассасаларида етарлича тайёрланиб, зарур билим ва кўникмаларни эгаллайдими?

Албатта, йилдан йилга болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси ўсиб боради. Масалан, 2023 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 75% бўлса, 2030 йилга бориб эса 80%дан ошиши кутилмоқда.

Жаҳон амалиётини кузатадиган бўлсак, болаларни мактабга чиқишдан олдин мактабга тайёрлаш босқичига алоҳида эътибор берилади. Охирги йилларда республикамизда ҳам бу масала кун тартибидан ўрин олган. Мисол учун, 2020 йилда 6 ёшдаги болаларнинг 70% мактабгача тайёргарликка жалб қилинган бўлса, жорий йилда 82% чиқди. 2025 йилга бориб, 100% болаларни қамраб олиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда мактабгача таълим тизимига инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш қай аҳволда?

Бу борада қилинаётган ишлардан мактабгача таълимда тажриба тариқасида амалга оширилаётган лойиҳани мисол қилишимиз мумкин. Февраль ойида Кореядаги ҳамкорлар томонидан Ўзбекистон мактабгача таълим вазирлигига 275 та робот ва 350 та ўқув қўлланмалари тақдим этилди. Болаларни ёшлигидан алгоритмик фикрлаш қобилиятини шакллантириб бориш, уларнинг келажакдаги оптимал ечим топиш, дастурлаш кўникмаларини кенгайтиради. Albert ҳамда Genibot роботлари 6 ёшли тарбияланувчилар билан машғулотлар олиб боришга мўлжалланган.

Роботлар ёрдамида таълим бериш лойиҳалари Корея, Франция, Испания, Коста-Рика, Перуда тажриба тариқасида амалиётда синалган. Бизда ҳам тажриба ўтказилмоқда. Амалиётда ижобий натижага эришилса оммалаштириш, шу билан бирга жисмоний имкониятлари чекланган болаларга таълим бериш дастурларига киритиш назарда тутилган.

Инновацион лойиҳалардан яна бири –“Ақлвой” мобил боғчаларининг йўлга қўйилиши. Ушба тажрибада 2019 йилнинг кузидан 2020 йилнинг кузига қадар Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларнинг чекка 44 маҳалласидаги 2 минг нафарга яқин болаларни қамраб олинди. Лойиҳа  ижобий натижалар бергани учун маҳсус автобуслар ва майдончаларни қуриш грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

1593