“Ёшлар” радиоси мухлисларининг саволларига жавоб берилди




 

“Ёшлар” радиоканалининг “Ижтимоий лойиҳа” эшиттиришида институтимизнинг Инсон капиталини ривожлантириш ва ижтимоий табақалашув масалалари бўйича лойиҳасининг етакчи илмий ходими Анвархўжа Шоазизов иштирок этди.

Унда  ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадлари ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим омили хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ бир қанча саволларга батафсил жавоблар берилди.

- Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ўтказган социологик сўровда кимлар иштирок этди?

- Институтимиз бир неча йиллардан бери аҳоли орасида тадқиқотлар ўтказиб келади. Жумладан, жорий йилнинг феврал ойида Тошкент шаҳар маҳалларида “хизмат кўрсатиш объектларига бўлган талабни аниқлаш ва баҳолаш” мавзусида сўровнома ўтказди. Унда пойтахтимиздаги 500 дан ортиқ маҳалладан 30 маҳалла фуқаролар йиғининг ходимлари иштирок этди.

- Ушбу суровномаларда қандай саволларга жавоблар олинди, бу саволлар вазиятни аниқлашда қанчалик аҳамият касб этди?

- Сўровномада 20 дан ортиқ саволларга  жавоб олинган, мисол учун маҳаллада ташкил этилган хизмат кўрсатиш объектлари тури ва уларнинг сони, уларга бўлган аҳолинининг эҳтиёж даражаси, қандай янги хизмат турларига талаби борлиги ва муаммолари ўрганилди. Ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантириш учун маҳалланинг салоҳияти ҳам кўриб чиқилди.

- Социологик сўровнинг мантиқий давоми сифатида: "Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун маҳаллангизнинг имкониятларини рўёбга чиқаришга нима халақит беради?" мавзусида ҳам таҳлиллар олиб борилган экан...

- Албатта, ушбу масалани ўрганиш жараёнида унда иштирок этган респондентларнинг 26,7% асосий тўсқинлик сифатида бўш турган иморатларнинг йўқлигини таъкидлаб ўтди. Кейинги тўсқинлик қиладиган омил сифатида маблағнинг етишмаслиги ва ҳомийларнинг йўқлигини 23,3 % респондентлар билдирган.  

- Тадқиқотларда маҳаллаларга қандай ёрдам бериш кераклиги ҳам ўрганилдими?

- Албатта, респондентларнинг 43% га яқини янги хизмат кўрсатиш объектларига ёрдам тариқасида 5 йиллик муддатга барча солиқ турларидан имкон қадар озод этилса, аҳолига анча қулайликлар яратилишини таъкидлаган. Яна бир қисми эса, инвестиция киритиш шарти билан фойдаланилмаётган биноларни ноль қиймматида олиш таклифини, туман хокимлиги (маҳалла раҳбарияти) гарови остида имтиёзли креддт олиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда кўмаклашиш кабиларни таклиф қилишди.

- Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, ўтказилган сўровномалар билан қандай натижаларга эришилди, бунинг фойдаси бўлдими?

- Ўтказилган сўровнома натижалари асосида хизматлар соҳасини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб тегишли ташкилотларга тақдим этилди. Бу тадқиқот юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларда хизматлар соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

- Маҳаллаларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва жойлаштириш чоралари нималардан иборат?

- Бир қанча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, мисол учун:

•  Маҳалла аҳолисининг эҳтиёжларини қондириш учун хизмат кўрсатиш объектларининг минимал тўплами рўйхатини аниқлаш;

•  Маҳалла гузарлари тўғрисида низомни ишлаб чиқиш;

•  Инвестиция мажбуриятларига мувофиқ маҳалла ҳудудида жойлашган фойдаланилмаётган турар-жой биноларини ва бошқа давлат мулкини ноль қийматида маҳалла мулкига ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш.

•  хизмат кўрсатиш соҳасидаги объектларни жойлаштиришда маҳалла ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш;

•  маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар учун микрокредитлар ажратишнинг соддалаштирилган механизмини жорий этиш ва бошқалар.

- Албатта, бошланган ҳар бир ишдан  аниқ бир мақсад кузланган бўлади. Ўтказилган сўровномалар асосида ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадлари ва фаровонлигини ошириш борасида бирор бир аниқ таклифлар ишлаб чиқилдими?

Ишлаб чиқилган таклифлар сифатида қуйидагиларни келтиришимиз мумкин:

Энг аввало, хизматлар кўрсатиш учун корхоналар ва объектларни оқилона жойлаштириш мақсадида, табақаланиш тизимининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда хизматлар кўрсатиш объектларини жойлаштириш схемасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Хизмат кўрсатиш объектларини маҳаллаларда жойлаштириш шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари бўйича бир қатор қўлланмалар ва қоидаларни ишлаб чиқишни, маҳалла аҳолисининг эҳтиёжларини қондириш учун хизмат кўрсатиш объектларининг минимал тўплами рўйхатини белгилашни, маҳалла гузарлари, давлат мулки объектларини маҳаллага ўтказиш тартиби, хизмат кўрсатиш соҳасининг гузарлари ва алоҳида объектларини қуриш намунавий лойиҳаларини шакллантириш, маҳаллаларда хизматларга талаб ва таклифни баҳолаш бўйича услубий ёндашувларни тайёрлаш ва мониторинг тизимини ташкил этиш лозим.

Маҳаллаларда хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш нуқтаи назаридан маҳалланинг хусусий бизнес ва тадбиркорлик билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш.

1210