Ўзбекистон элчиси Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъат раисига мамлакатимизнинг ЕИКдаги вакилини таништирди




МОСКВА, 26 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) биносида Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов ЕИК ҳайъати раиси Михаил Мясникович билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» ИА мухбири.

Б.Асадов элчихонанинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик бўйича янги тайинланган маслаҳатчиси ва шу билан бирга Ўзбекистоннинг ЕИКдаги вакили Шуҳрат Шукуровни таништирди.

ЕИК ҳайъати раисига Бош вазир Абдулла Ариповнинг комиссия таркибига Ўзбекистон вакилини тайинлаш тўғрисидаги хати тақдим этилди.

Михаил Мясникович Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу лавозимга вакил тайинлаш тўғрисидаги қароридан мамнунлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу республиканинг ЕИК билан конструктив мулоқот ўрнатиш бўйича ташланган қадамидан далолат беради. Кенгаш раиси мамлакатимиз вакилига ушбу масъулиятли лавозимда муваффақият тилади.

Шунингдек, ЕИК ҳайъатининг интеграция ва макроиқтисодиёт бўйича аъзоси (вазир) Сергей Глазев ва ЕИК ҳайъатининг савдо бўйича аъзоси (вазир) Андрей Слепнев билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2020 йил 11 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини олди.

Манба: https://dunyo.info/cyrl

1638