Эксперт: Ренессанс - это изменение человеческого сознания или возвышения
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 31 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимизда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш ташаббусини илгари сурди. Раҳбаримиз 2020 йил 30 сентябрда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган йиғилишдаги маърузасида мазкур ғояни давом эттириб, бундай деди: ”Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак”.
“Ренессанс” ва “Уйғониш” атамаларини “инсониятнинг илмий, маънавий, ғоявий, маданий ва тафаккурий даражасининг кескин кўтарилиши ва бунинг фан, адабиёт, санъат тараққиёти ҳамда улуғ кашфиёт ва ихтироларда ўз аксини топган давр”, маъносида тушунишимиз тўғри бўлади.
Ренессанс ярата олган халқлар дунёда унча кўп эмас. Кези келганда шуни фахр билан айтиш мумкинки, биз, ўзбеклар, юртимизда икки марта Ренессанс ҳодисасини кўрган халқмиз. Бу ҳақида Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида бундай дейди: “биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. ...Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз”.
Ҳақиқатдан ҳам буюк ўтмиши бор халқмиз. Жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшганмиз. Тарихимизда Темур, Бобур, Улуғбек, Фарғоний, Хоразмий, Ибн Сино, Навоий, Имом Бухорий, Термизийлар, Хожа Аҳрор, Алихонтўра Соғунийдек дунёни ҳайратга солган буюк боболаримиз ўтишган, бир пайтнинг ўзида мураккаб шароитларни, босқинчилар зулмларини ҳам кўрганмиз. Лекин яна қайта-қайта бош кўтариб, жаҳон саҳнасидаги буюк ўрнимизни эгаллаб олаверганмиз.
Лекин собиқ шўролар даври халқимизнинг энг илғор, пешқадам қисмини, жараённи ўз номи билан айтганда, жисман йўқ қилди. Тирик қолганларни эса ўзлигини унутиб, коммунистик ақидаларга бўйсуниб яшашга мажбур этди. Шу мақсадда бизни ўта устомонлик билан буюк ўтмишимиздан узиб қўйишди. Биргина мисол. 1992 йили Президент девонига Фарғона вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими, фидойи инсон Мирзажон ака Исломов Ал-Фарғонийнинг номини тиклаш ташаббуси билан келди. Маълум бўлдики, ҳеч биримиз шундай буюк аждодимиз бўлганини ҳатто билмас эканмиз. Инсоният тарихини ўзгартира олган, юртимизда Янги Ренессансни бошлаб берган буюк давлат арбоби ва ислоҳотчи Темурдек даҳо бобомизни эса фақат қора бўёқларга бўяб, “қонхўр ҳукмдор” деб руҳимизга сингдириб юборишганди...
Шўролардан кейинги 1992 - 2016 йиллар давридаги тарихимиз ҳам ўта мураккаб ва йирик воқеаларга бой бўлди. Сиёсий мустақилликка эришдик. Мустақил давлатнинг мустақил сиёсати, иқтисодиётини барпо этиш, маънавиятини тиклаш йўлида анча ишлар қилдик. Лекин, тан олиш керакки, халқимиз узоқ йиллардан бери орзу қилган, унга муносиб жамият яратиб бера олмадик. Аксинча, бу даврда халқимизнинг адолатга бўлган ишончи йўқолди, яхши яшашга интилиш орзуси барбод бўлди, асрлар давомида қўшни халқларни ҳам таъминлаб келган заминимиз энди ҳатто ўз аҳолимизни ҳам боқа олмай қолди, ўз юртида тирикчилигини таъминлай олмай қолган юз минглаб ватандошларимиз эса хорижларга иш қидириб бориб, “гастарбайтерлар”га айланишга мажбур бўлишди...
Шавкат Миромонович Мирзиёев Президент сифатида дастлабки қадамларини қўя бошлаши билан, 2016 йилгача бўлган даврда фаровон яшаш умиди сўнган халқимизда яна шу орзулар уйғона бошлади. Ана шу умидларни рўёбга чиқариш йўлида Шавкат Миромонович тўрт ярим йилда улуғвор тадбирларни амалга оширди. Бу ҳақида етарлича ёзилди ва шу боис уларни қайтариб ўтирмайман. Бу мақолада масаланинг бошқа жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман. Менимча, Президент Мирзиёевнинг халқимиз олдидаги энг буюк хизмати шундаки, у 1865 йилдан 2016 йилгача бўлган 150 йиллик даврда ҳукм сурган сиёсат туфайли “ўз юртига беклик”дан мосуво бўлган, яхши яшашдан умидини узган, келажакка ишонмай қўйган, қотиб қолган онгимизни ўзгартирди, сўнган руҳимизни кўтарди, синдирилган миллий ғуруримизни тиклади! Бу ҳодисани чингизийларнинг 150 йиллик истибдоди даврида топталган ғуруримизни қайта кўтарган Темур бобомизнинг ҳатти-ҳаракатларига ўхшатаман десам, мени баландпарвозликда айбламанг.
Маълумки, онг – жуда кенг тушунча. У ”одам руҳий фаолиятининг олий шакли”; “кишининг фикрлаш қобилияти, ақл, идрок”; “одамнинг ёки одамлар гуруҳининг ижтимоий ҳаётни тушуниши, сезиши, унга муносабати”; ”белгили бир ижтимоий гуруҳ вакили бўлган кишиларнинг психологик, сиёсий ва фалсафавий нуқтаи назарлари” каби маъноларни англатади (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”. 3-жилд, 126-127-бетлар). ”Руҳ” ҳам кенг маъноли тушунча. Бизни бу ўринда унинг “кишининг ички ҳолатини, психик кечинмаларини, ҳис-туйғуларини акс эттирувчи кайфияти” ва “кишининг умумий кайфияти, кайф-аҳволи” варианти кўпроқ қизиқтиради (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”. 3-жилд, 400-бет).
Қуйида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган ҳамда халқимизнинг онги ва руҳини кескин ўзгартирган тадбирларнинг айримлари ҳақида фикр юритамиз.
Янги Раҳбар собиқ шўролар даврида бошланиб, 2016 йилгача ҳукм сурган деярли “ёпиқ жамият” сиёсатини бекор қилди ва мамлакатимизни дунёга, дунёни эса бизга очиб берди. Халқ ўз фикрини очиқ ва эркин намоён қилиш имконияти яратилди. Авваллари гўё “жаннатдан хабарлар” тарзига тушиб қолганлиги учун кўнглимиз қолган телевизор кўриш, радио эшитиш, газета-журнал ўқиш, интернетга кириш яна ёқимли машғулотга айланди. Шулар орқали дунё бизни том маънода таний бошлади, биз ҳам дунёни ўз ҳолича қабул қила бошладик. Жаҳоннинг барча давлатлари, айниқса, қўшниларимиз билан муносабатларимизни тубдан ижобий томонга ўзгартирди. Мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланиб, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси замонавий тус ола бошлади. Бу воқеалар халқимизнинг 150 йил давомида қотиб қолган онги ва руҳига жуда катта ижобий таъсир қилди...
2016 йилгача биз айрим давлатлар раҳбарларининг йилда бир марта халқ билан бевосита мулоқот қилишларига ҳавас билан қараб юрардик. Президент Мирзиёев мамлакатимизда одамлар билан тўсиқларсиз йил давомида доимий мулоқотни амалга ошириш тизимини яратди. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонаси, кейинроқ Президентнинг халқ қабулхоналари ташкил этилди, Президент ва бошқа раҳбарлар ҳудудларда халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказа бошлашди. Булар халқимиз онги ва руҳини кескин ўзгартирди. Негаки, виртуал ва халқ қабулхоналари, халқ билан жонли учрашувлар жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ҳақиқий аҳвол қандай эканлигини равшан кўра олиш имконини яратди. Виртуал ва халқ қабулхоналари орқали ҳамда жонли учрашувларда фуқаролар шу пайтгача ҳал бўлмаётган муаммоларини Президентга тўғридан-тўғри етказа бошлашди ва улар тезда ҳал этила бошланди. Раҳбарларнинг халқ олдидаги масъулияти кескин ошди. Бу тадбирлар ҳамюртларимизнинг адолатга бўлган қарийб йўқолаёзган ишончи қайта тикланиши учун муҳим восита бўлди. Қабулхоналарга келаётган аризалар ўз ҳолига ташлаб қўйилаётгани йўқ, аксинча, раҳбариятнинг доимий эътиборида турибди. Президентимиз таъбири билан айтганда, бу борада “Бизнинг асосий мақсадимиз – “Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат”.
Барча бўғинлардаги раҳбарларнинг фаолияти улар одамлар ташвишларини қай даражада ҳал қилишига боғлиқ бўлган муҳит яратилди. Ҳамма идора ва ташкилотларда “Фуқаролар қабулхоналари” ва ишонч телефонлари ташкил этилди, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ҳар ойда ўзига бириктирилган ҳудудда сайёр қабул ўтказа бошлашди. Давлат хизматлари агентлиги тузилди ва бу йўл билан битта ҳужжат олиш учун аҳолининг қатор идораларда сарсон бўлиб юришдек беъмани ҳолатга барҳам берилди. 10-15 та идорадан узоқ муддат овора бўлиб йиғадиган ҳужжатларимизни шу битта ташкилотдан тезда оладиган бўлдик. Одамлар арзини айтгани идораларга эмас, амалдорлар аҳоли дардини эшитиш учун унинг олдига борадиган бўлди. Булар ҳам раҳбарлар ва халқнинг онгини кескин ўзгартирди. Яъни амал эгалари аслида халқнинг хизматкори бўлишлари кераклигини тушуна бошлашди.
Аввалги замонларда халқнинг бойиб кетишига қарши курашилди. Кечагина билими, ақли ва меҳнатининг миқдори ҳамда сифатидан қатъий назар, инсон бойиши мумкин эмасди. Бу қоидага риоя қилмаганлар аёвсиз жазоланарди. Президент Мирзиёев бу тартибни ҳам бутунлай тескарисига алмаштирди, яъни “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади” шиорини олға сурди. Жумладан, тадбиркорликка кенг йўл очди. Одамлар ҳаракат қилса, кутган натижасига эриша бошлади. Натижада асрлар давомида ишбилармонлик даражасининг ўта юқорилиги билан дунёни ҳайратга солиб келган ўзбек халқининг 1917 - 2016 йиллар даврида деярли йўқ қилинган бу борадаги салоҳияти яна қайтадан тиклана бошланди.
Ўзбекистон Президенти давлатни бошқариш амалиётига жуда катта янгилик олиб кирди. Яъни, у давлат ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ташкил этиш ва бошқариш жараёнида бугун жаҳонда янги ҳодиса сифатида эътироф этилаётган усулни кашф этди. Бу усулнинг моҳияти шундаки, муайян бир вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларини бошқариш бўйича тегишли фармону-қарорлар, лойиҳалар Тошкентда, кабинетларда эмас, ҳудудларнинг ўзида маҳаллий ташкилотлар вакиллари ва тадбиркорлар билан биргаликда ишлаб чиқилади. Бунда ташрифга тайёргарлик ва уни ўтказиш мобайнида мутасадди ташкилотлар томонидан жуда катта қийматли юзлаб лойиҳалар тайёрланади. Бу лойиҳаларни бажариш ҳудуднинг ижтимоий- иқтисодий ривожланишига катта туртки беряпти ва аҳоли турмуш даражасини сезиларли равишда оширишга хизмат қиляпти.
Тўғри, тан олиш керакки, ривожланган давлатларда ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг ўзини ўзи бошқарадиган тизими яратилган ва биз ҳам яқин келгусида шу йўлга ўтишимиз маълум. Бугун эса мазкур ташрифлар чоғида Президентимиз раҳбарларнинг онгини ўзгартириш, уларни халққа яқинлаштириш орқали ана шундай тизим яратишга тайёрламоқда. Соддароқ қилиб айтганда, Президентимизнинг вилоятларга ташрифларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш амалиёти вазирлик, идора ва ҳокимликлар раҳбарлари ва мутахассислари учун мамлакатни ижтимоий-иқтисодий бошқаришнинг Президент Шавкат Мирзиёев яратган замонавий усулларини ўрганишнинг ўзига хос мактаби вазифасини бажармоқда.
Тарихий тараққиётнинг айни босқичида ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқаришнинг мазкур усули самарали ва ҳаётбахш эканлиги мамлакатимизнинг 2016 - 2020 йиллар мобайнидаги ривожланиш даражаси ва айниқса, коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида эришаётган ижобий натижаларимизда яққол намоён бўлмоқда.
2016 йилгача бўлган даврда “топа олинмаган” асосий миллий ғоя, бош мақсадимизни Президент Шавкат Мирзиёев аниқ ва равшан аниқлаб берди: “Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдево-рини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик”. “Янги Ренессанс пойдеворини яратиш” – ўта мураккаб ва жуда катта ҳаракат ва харажат талаб қиладиган ҳамда узоқ давом этадиган жараён бўлиб, у жамият ҳаётининг барча жабҳаларини тубдан ўзгартиришни талаб этади! 2016 йилдан бошланган бу жараён аллақачон ўз меваларини бера бошлади. Яъни, халқимизда ўз ҳаётини ўзгартириш аввало, ўзининг ҳатти-ҳаракатларига боғлиқ эканлигига ишонч пайдо бўлди.
Президентимиз томонидан Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш “кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали” амалга оширилиши ҳам белгилаб берилди. Юртимизда 2016 йил-дан бошлаб том маънода чуқур демократик ўзгаришлар ва таълим ислоҳот-лари ўтказила бошланди. Амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ҳақида юқорида фикр юритдик. Мактабгача тарбия, ўрта ва олий таълим тизимлари, жумладан, уларни бошқариш органлари тубдан ўзгартирилди. Авваллари олий таълим олиш асосан пулдор ва раҳбарларнинг фарзандларига насиб этадиган бўлиб қолганди. Олий таълим муассасаларига қабул тартибида йўқ бўлиб кетган адолат мезонлари қайта тикланди. Олий ўқув юртига чет тили имтиҳонини мактаб давридаёқ ҳал қилиш, бир пайтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш мумкин бўлди. Олий таълим билан қамраб олиш 2,8 бараварга оширилди. Яқин келгуси даврда битирувчиларнинг 50 фоизи олий ўқув юртига кириш имконияти яратилади. Вилоятларда “Президент мактаблари”, атоқли олим ва шоирларимиз номларида иқтидорли ёшлар мактаблари ташкил этилмоқда. Фарзандларимизни боғча билан қамраб олиш фоизи 2016 йилдаги 23,8% дан 2020 йил охирига 55% гача етказилди. Фанга эътибор кескин ўзгарди, илмий-тадқиқот институтлари ва олимларнинг қадди тиклана бошланди.
Шавкат Миромонович давлат раҳбарлигига келгандан кейин ўтказа бошлаган ўзгаришлардан бири халқни, айниқса, ёшларни китоб ўқишга жалб этиш учун қилган ҳатти-ҳаракатлари бўлди. Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, уларнинг бадиий саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантириш мақсадида “Ёш китобхон” танловлари ўтказила бошланди. Танловларнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичлари ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар, республика бўйича ғолиблари эса ҳатто Президент совғаси сифатида автомашиналар билан тақдирланмоқда. Мазкур танлов бутун мамлакатни қамраб олди, ёшларнинг онгини кескин ўзгартирди.
Президентнинг шахсан ўзи ёшлар билан учрашувлар ташкил эта бошлади. Бу мулоқотлар эркин фикр алмашиш тарзида ўтказилиши кўпчиликни ҳайратга соларди. Ана шу тадбирларда Юртбошимиз билан мулоқотда ўзларининг фавқулодда иқтидорини намоён этган талабаларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши ҳам янада кўпчиликни лол этди. Бу билан Президентимиз чуқур билимли ва янгича фикрлай оладиган ёш талантларни раҳбарлик лавозимларига жалб этишни бошлади. Хорижда муваффақиятга эришган ватандошларимиз юртимизга қайтиб келишмоқда. Бу ишларнинг мамлакатимиз ёшларига қанчалик ижобий таъсир қилганини сўз билан тушунтириш қийин. Салкам 30 йиллик даврда йўқ бўлиб кетган илм олишга интилишнинг яна қайта тикланишида китобхонликни кучайтириш, ёшларни, шу жумладан, хориждаги йигит-қизларимизни раҳбарлик ишларига кенг жалб этиш жуда катта аҳамият касб этди.
Бу мақолани ёзиш жараёнида амин бўлдимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев онгимиз қотиб ва руҳимиз сўниб юрганлиги жамиятимизнинг тараққий қилишига катта тўсиқ бўлиб қолганлигини ва бу ҳолатни ўнглаш заруриятини узоқ йиллардан бери ўйлаб юрган. Шу боис у Президент лавозимига келгандан буён амалга ошираётган тадбирларнинг катта қисми шу муаммоларни ҳал этишга йўналтирилмоқда. Зеро, инсоннинг онги юксак, руҳи тетик бўлмаса, у фақат “қорин тўйдириш ташвиши” билан яшайди, холос, катта муваффақиятларга эришиш ҳақида эса орзу ҳам қилмайди...
Ана шундай шаффоф, илмга асосланган, адолатли, демократик муҳит ва шароит яратилгандагина Президентимизнинг Янги Ўзбекистонни яратишдек улуғвор ғоясини амалга оширишга эришамиз, жамиятимизнинг барча жабҳаларини тубдан ўзгартириб, навбатдаги Уйғониш даври учун замин барпо эта оламиз. Лекин бу масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор. Яъни, гап шундаки, 5-10 та жаҳон даражасидаги олим, инженер, ёзувчи, мусаввир, ихтирочи ёки санъаткор чиқиши билангина мамлакатда Ренессанс бошланмайди. Ренессанс пойдеворини яратиш умумхалқ ишига айланганда, яъни буюк аждодларимиз таъбири билан айтганда, ҳаммамизнинг шиоримиз “бешикдан то қабргача илм излаш” бўлгандагина бу улуғ мақсадга эришишимиз мумкин. Бунинг учун жамиятимизнинг барча аъзолари уйғониши ва ҳамжиҳатлик билан биргаликда ҳаракат қилиши талаб этилади. Миллатнинг уйғониши Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор яратади, у эса баркамол ва фаровон жамият барпо этишга асос бўлади!
Одил Олимжонов,
иқтисод фанлари доктори, профессор
1387