Маҳмудхўжа Беҳбудий: ким эди?




 

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида “Она тилим-фахрим, ғурурим” ва “Мангуликка дахлдор ватанпарварлар” мавзуларида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда тил, миллат, Ватан тушунчалари, тилсиз жамият тараққий топмаслиги борасида алоҳида сўз юритилди. Шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди борасида ҳам кўплаб маълумотлар келтирилди.

Мазкур давра суҳбатини олиб борган тарих фанлари доктори, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети профессори Дилором Бобожонова ўтмиш ҳақида турли манбаларда келтирилган маълумотлар билан бир қаторда шахсан ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни эслаб ўтди.

– 80 йилларда марказий йиғилишда олти нафар ёшларга тил бўйича таклифлар тайёрлаб келиш топшириғи берилди, –дейди Д.Бобожонова. – Шунда йиғилишда А.Навоий бобомиздан мисоллар келтириб, Ўзбекистонда яшасак. Ўзбек тили давлат тили бўлиши керак, деган фикрни илгари сурдим. Бу сўзларни ўзбек тилида сўзлаганимда жим ўтирган одамлар, фикримни рус тилида қайтарганимдан кейин шовқин қилиб кетишди. Улар ўзбекча сўзлаганимда тушунмаган экан. Мени фикримни нотўғрига чиқарганлар кўп эди.

Бироқ, юртимиз мустақил бўлгач, мен ва мен кабиларни фикрлари инобатга олиниб, тилимизга Давлат тили мақоми берилди. 1986 йилги маълумотларга қарасак, ўзбек тилида 4 фоиз илмий мақола чоп этилган. 80 фоизи рус, қолгани бошқа хорижий тилларда эди. Агар 1980 йилларда ҳаракат бошланмаганда, ҳозирда балки тилимиз йўқолиб кетармиди.

Дилором Бобожонова маърузасида мангуллик дахлдор буюк юртдошларимиз, хусусан Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳаётига тегишли қизиқарли маълумотларни келтирди.

Хўш, ҳозирги кунда ушбу маърифатпарвар бобомиз меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга қандай эҳтиёж бор? Беҳбудий ўзи ким эди?

Бутун ҳаётини эл-юрт хизматига сарфлаган бу инсон кенг қиррали шахс эди. У Туркистонда биринчилар қатори усули-жадид — янгича таълим методига асосланган мактабларни ташкил этган. Ўқувчилар учун дастлабки дарслик ва ўқув қўлланмаларни ҳам ўзи ёзган. Биринчи ўзбек драмасининг муаллифи ҳам Беҳбудий.

Муаллим, ношир, драматург, журналист, сиёсий арбоб, - қисқача айтганда, Беҳбудий - фаолиятининг негизи жадидларга хос маърифат тушунчаси ана шундай серқирра асосга қурилгандир.

Қайд этиш керакки, Янги Ўзбекистонда ўтмишимизга, тарихий боболаримизга ҳурмат - эҳтиром кучайиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Аждодларимиз ҳақида янги асарлар яратиш, кинолар олиш борасида ишлар жадал бормоқда. “Ибрат”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильмлари ана шундай эътибор туфайли дунё юзини кўрди.

3239